@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Миллий барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари: 2030 йилгача эришиш

 2019-08-16 11:51:00   |     Просмотров: 4060

2019 йил учун Барселсманн/SDSN томонидан ҳар йили нашр этиладиган ТРМ индекслари ва панели кўрсаткичлари бўйича ҳисоботга кўра, Ўзбекистон тадқиқотга киритилган 162 давлат орасида 52-ўринни эгаллайди. Ўтган йилги ҳисобот кўрсаткичилари билан солиштирганда, Ўзбекистоннинг позицияси фақат 0,8 фоизга яхшиланди ва 71,1 фоизни ташкил этди.

Ушбу баҳолашга кўра, ўртача мамлакат 17 ТРМ бўйича "энг яхши натижа йўли"нинг 71,1 фоизини босиб ўтган. Ушбу кўрсаткич бўйича Дания (85,2), Швеция (85,0), Финляндия (82,8) етакчилик қилади. МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни 77,4 балл билан Беларус Республикаси эгаллайди. Шу билан бирга, Қирғизистон 48-ўринда, Тожикистон 71-ўринда, Қозоғистон 77-ўринда, Туркманистон 101-ўринда жойлашган.

Ўзбекистоннинг айрим мақсадлари бўйича эса қуйидаги кўрсаткичлар анча яхшироқ: 4-мақсад — "Сифатли таълим" 93,6 балл, 13-мақсад — "Иқлим ўзгаришига қарши кураш" 93,4 балл, 12-мақсад — "Жавобгар истеъмол ва ишлаб чиқариш" 92,1 балл, 11-мақсад — "Барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктлари" 90,8 балл.

1-мақсад — "Қашшоқликни йўқотиш", 2-мақсад — "Очликни бартараф этиш" ва 3-мақсад — "Яхши соғлиқ ва фаровонлик" бўйича жиддий муаммолар мавжуд. 5-мақсад — "Жинс тенглиги", 8-мақсад — "Лойиқли иш ва иқтисодий ўсиш", 10-мақсад — "Нобарқарорликни камайтириш" эса ўз ривожланишида ўзгармас ҳолатда қолмоқда. Бироқ энг катта ташвишни 6-мақсад — "Тоза сув ва санитария", 9-мақсад — "Саноатлаштириш, инновациялар ва инфратузилма" ҳамда 16-мақсад — "Тинчлик, адолат ва самарали институтлар" келтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 20 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2030 йилгача бўлган давр учун Миллий барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари тасдиқланган. 16 та мақсад ва 127 та вазифа белгиланиб, улар 2030 йилгача эришилиши керак. Барча мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган ҳамда "Йўл харитаси" тасдиқланган.

Масалан, иқтисодиёт ва ҳаёт фаолиятида ушбу мақсадлар Ўзбекистонда кам таъминланганлик даражасини сезиларли даражада камайтириш, аҳолига нисбатан ЯИМни ошириш, ёшлар орасида ишсизликни кескин қисқартиришни кўзда тутади. Ижтимоий соҳада эса она ўлимини учдан бир қисмга, болалар ўлимини 50 фоизга камайтириш ва сифатли таълимни таъминлаш каби муҳим вазифалар бор.

2019 йил 20 мартда Миллий барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш учун 206 та индикаторни тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг таклиф этилган 206 та миллий ТРМ индикаторидан 84 таси очиқ маълумотларга эга индикаторлар сифатида (I даража) таснифланади. 60 таси учун миллий методологияни ишлаб чиқиш керак (II даража), 47 таси учун эса глобал методологияни якунлаш кутилаяпти (III даража). Қолган 15 индикатор учун аниқ тасниф йўқ. Кўпчилик (163) индикаторлар маълумотлари бир маълумот тақдим этувчидан олинади. 33 та индикатор учун икки, 11 таси учун учта маълумот тақдим этувчи бор.

Хусусан, ёшлар орасида саводхонлик даражаси, аҳолининг ичимлик сувига кириши, тоза сувнинг тикланувчи захиралари, истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг оқилона моделлари, иқлим ўзгаришига қарши кураш, биохилма-хиллик таҳдидлари, жиноят даражаси, судланганларнинг айбловга оид ҳибсга олиниши, мулк ҳуқуқлари, болалар меҳнатида иштирок этиши, соғлиқни сақлаш ва таълимга давлат сарфлари, солиқ баҳоси каби кўрсаткичлар бўйича маълумотлар йўқ.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2030 йилгача бўлган Миллий барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини босқичма-босқич амалга ошириш учун тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати қуйидагиларни таклиф қилади:

  • Миллий барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга ҳар чоракда иқтисодий ва саноат вазирлиги (мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи) веб-сайтида масъул вазирлик ва идоралар кесимида комплекс ахборот ҳисоботини нашр қилиш; барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича уларнинг иш режалари, жамиятнинг эришилган ютуқлар, қабул қилинган чора-тадбирлар ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ҳукумат режалари ҳақида хабардорлигини ошириш;

  • Миллий ТРМга эришиш бўйича ўртача натижаларни муҳокама қилиш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар ва экспертларни жалб қилган конференция ўтказиш;

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига ҳар чоракда Миллий ТРМ бўйича статистик кўрсаткичларни нашр қилишни таъминлаш ва Миллий ТРМнинг мониторинг ва ҳисобот веб-сайти (nsdg.stat.uz) фаолиятини тезлаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2030 йилгача бўлган Миллий барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида Миллий ТРМ ҳисобга олиниши ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда акс эттирилиши назарда тутилган. Шу сабабли, ТРМ молиялаштиришга бағишланган алоҳида бўлимни Бюджет мурожаатига киритиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, Олий Мажлис палаталарида вазирлик ва идораларнинг Миллий ТРМни амалга ошириш бўйича ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий этилиши керак.

Материал БМТ Тараққиёт Дастури (ПРООН)нинг "Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича стратегик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси ахборот ёрдами билан тайёрланди.

 

                                                                                                                                                                                                                         "Юксалиш" ҳаракати экспертлари