@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкент шаҳрида “Ижтимоий инновациялар лабораторияси” форматида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди

 2019-08-13 12:59:11   |     Просмотров: 402

Жорий йилнинг 13 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг учрашуви — “Ижтимоий инновациялар лабораторияси” бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан ҳамда Марказий Осиё давлатларида фаолият юритаётган 80 га яқин соҳа мутахассислари иштирок этди.

“Ижтимоий инновациялар лабораторияси”бу ННТлар ўз фаолияти давомида қўллаши мумкин бўлган, муҳим ижтимоий ўзгаришларга хизмат қилувчи инновацион услублар, инструмент ва ёндошувларни ўрганиш ҳамда тарғиб қилувчи платформа ҳисобланади. Лаборатория иштирокчилари инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўладилар, ижтимоий инновациялар бўйича илғор тажрибаларни муҳокама қиладилар ҳамда ўзларининг лойиҳавий ғояларини амалга ошириш юзасидан экспертлар фикрлари билан танишадилар.

Ижтимоий инновациялар лабораторияси очилишида «Инновациялар ўзи нима?» мавзусидаги мунозараси бўлиб ўтди. Тадбир давомида иштирокчилар икки гуруҳга бўлиниб, унда менторлар томонидан ўз фаолиятларида жорий этилган инновацияларни намойиш этдилар. Хусусан, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда муваффақиятли жорий этилган ишлар тақдимоти ўтказилди. Кун якунида эса гуруҳлар лойиҳа ғоялари тақдимотини ўтказиб, бошқа иштирокчилар ва мураббийлар томонидан муҳокама қилинди.

Лаборатория натижаларига кўра, иштирокчилар янги муаммоларни ҳал этиш, аҳолини ижтимоий муаммоларига ечим топишга жалб қилиш ва замонавий ижтимоий ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича кўникмаларга эга бўладилар. 

Маълумот учун: “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (АРГО) томонидан ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) кўмагида амалга оширилиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, давлат идоралари ва бизнес ҳамжамияти ўртасида самарали ва конструктив ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш орқали фуқаролик жамиятининг ролини янада оширишга қаратилган. Икки йилга мўлжалланган дастур мамлакатда фуқаролик жамияти ривожи ва жамоатчилик бошқарувига фуқароларни жалб қилишда амалий механизмларни тадбиқ этишга қаратилган.