@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Jamoatchilik” онлайн-платформасига келиб тушган таклифлар муҳокамаси

 2019-08-12 15:59:11   |     Просмотров: 551

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида “Jamoatchilik” онлайн-платформаси фаолиятининг дастлабки натижалари сарҳисобига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда 10 дан зиёд мутассадди вазирлик ва идоралар вакиллари, келиб тушган таклиф муаллифлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 август куни интернет тармоғида “Jamoatchilik” онлайн-платфомаси ишга туширилди. 

Платформанинг мақсади фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб қилиш, шунингдек давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлигини янада кучайтириш ҳисобланади.

12 август ҳолатига кўра платформага келиб тушган хабар ва таклифлар сони 500 га яқинлашди ва бу кўрсаткич ҳамон ўсиб бормоқда. Биз юртимизда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга бефарқ бўлмаган ва мамлакат тараққиётига, барча соҳалардаги ислоҳотларни илгари суришга интилаётган фуқароларга миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам шундай фаол бўлишларига умид билдирамиз. Шунингдек, ОАВ ва блогерларни ҳам келиб тушаётган таклиф ва хабарларни кенг жамоатчиликка етказишда платформа фаолиятини кўллаб-қувватлашларини сўраб қоламиз.

“Jamoatchilik” онлайн-платфомасига турли соҳалар бўйича таклиф ва хабарлар юборилмоқда. Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш, молия ва кредитлаш, энергетика ва коммунал хизматлар, паспорт тизими ва фуқароликни расмийлаштириш, мажбурий меҳнат ва коррупцияга қарши курашиш каби кўплаб соҳалар бўйича 420 дан ортиқ ўринли ва асосли таклифлар келиб тушди.Уларнинг аксарияти амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ.

Тадбир давомида платформа фаолияти таҳлил қилиниб, оралиқ натижалар эълон қилинди. Хусусан, келиб тушган таклифлар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ўз фикрларини билдириб, уларни ҳаётган тадбиқ этиш имкониятлари ҳақида сўз юритдилар. Иштирокчилар томонидан келиб тушган фикрларнинг деярли барчаси конструктив ва ҳаётга тадбиқ этиш мумкинлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунига кўра томонлар портал фаолиятини янада кенгаштириш, вазирлик ва идоралар тўғридан-тўғри фуқаролар таклифларига жавоб қайтариш орқали тезкорлик имкониятларини янада оширишга келишиб олдилар.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати