@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Jamoatchilik” онлайн-платформаси: 3 кун ичида 400 га яқин таклифлар келиб тушди

 2019-08-09 12:38:00   |     Просмотров: 2851

Жорий йилнинг 6 август куни интернет тармоғида “Jamoatchilik” онлайн-платфомаси ишга туширилди. Платформанинг мақсади замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб қилиш, шунингдек давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлигини янада кучайтириш ҳисобланади.
“Jamoatchilik” онлайн-платфомаси ўз фаолиятини бошлашидан 24 соат ўтиб, фуқаролардан 200 дан ортиқ хабарлар, шу жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш, молия ва кредитлаш, энергетика ва коммунал хизматлар, паспорт тизими ва фуқароликни расмийлаштириш, мажбурий меҳнат ва коррупцияга қарши курашиш каби кўплаб соҳалар бўйича 180 дан ортиқ ўринли ва асосли таклифлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ.
Хусусан, фуқаролар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар томонидан пойтахт ва Тошкент вилоятининг иккиламчи бозорида кўчмас мулк сотиб олишга қўйилган чекловларни бекор қилиш, энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий меъёрларни қайта кўриб чиқиш, коммунал хизматлар ҳисоби ва тўлов жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, хоспислар ташкил қилиш, гиёҳвандликнинг олдини олиш учун психотроп дорилар савдосини чеклаш кабилар таклиф қилинмоқда. Бир қатор таклифлар эса кредит олиш тартибини соддалаштириш, жумладан истеъмол ва авто кредитлар, электрон тўловларни жорий қилиш, коррупциянинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари тизимида блокчейн технологиясини жорий этиш, барча даражадаги мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари учун мажбурий даромад декларациясини жорий этиш билан боғлиқ.
Сўнгги пайтларда уй-жойларнинг ноқонуний бузилиши, дарахтларни оммавий кесиш, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари доим ҳам муаммоларнинг қонунда белгиланган тартибда аҳоли билан мулоқот қилиш орқали ҳал қилишга интилмайдилар. Аксинча, имкон қадар, салбий маълумотларни ҳудуднинг ўзида қолишига ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса вазиятнинг ёмонлашиши, норозиликнинг ошишига ҳамда давлат ҳокимиятига бўлган ишончнинг камайишига олиб келмоқда.
Ўйлаймизки, онлайн-платформа ҳокимият ва аҳоли ўртасида конструктив мулоқот майдонига айланиб, фуқароларни давлат ва жамоат бошқарувига жалб этиш ҳамда ушбу жараёнларда уларнинг иштирокини янада ошириш бўйича самарали механизм бўлади. Эркин фикр билдириш, мавжуд муаммолар тўғрисида хабарлар қолдириш имконияти эса жойлардаги ҳақиқий ҳолатни шакллантиришга, аҳоли кайфиятини аниқлашга ёрдам беради.


Жамоатчилик.уз веб-сайтининг яна бир муҳим вазифаси — келиб тушаётган таклифларни доимий равишда экспертлар ёрдамида умумлаштирилиб, таҳлил қилиниб ва тегишли давлат идораларига юборилиши ҳисобланади. Онлайн-платформа фойдаланувчилари республиканинг барча ҳудудларидан бўлиб, улар турли соҳаларда фаолият юритаётган (талаба, уй бекаси, олим, ҳуқуқшунос, ишчи, муҳандис, шифокор, ўқитувчи, иқтисодчи, тадбиркор ва бошқалар) фуқаролардир. Уларнинг ёши, ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларга бўлган қарашлари турлича. Улар ҳаётий тажрибалари, малака ва йўналишлари, жойлардаги ҳақиқий вазият ва ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, давлат ва жамиятнинг турли соҳаларини ривожлантириш бўйича ташаббус ва таклифларни тақдим этиб борадилар. Муҳим қарорлар қабул қилишда барчанинг овози муҳим ва шу боис Жамоатчилик.уз веб-сайти фуқаролар фикри эшитиладиган майдонга айланиши  лозим.
9 август ҳолатига кўра платформага келиб тушган хабар ва таклифлар сони 400 га яқинлашди ва бу кўрсаткич ҳамон ўсиб бормоқда. Тўғриси, биз воқеаларнинг бундай ривожини кутмаган эдик. Биз бунинг сабаби сифатида, асосан, қатор маҳаллий ва хорижий ОАВлар, блогерларнинг платформанинг фаолият бошлагани ҳақидаги хабарларни фаол чоп этганлигида, деб ҳисоблаймиз. Биз келгусида ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми бўлган медиаҳамжамиятнинг кўллаб-қувватлашига, содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга бефарқ бўлмаган ва мамлакат тараққиётига, барча соҳалардаги ислоҳотларни илгари суришга интилаётган аҳолининг ғоялари, таклифлари ва ташаббусларининг кенг ёритилишига умид билдирамиз. 
Платформа фаолияти ҳар ҳафта таҳлил қилиниб, оралиқ натижалар эълон қилиб борилади. Хусусан, келиб тушган таклиф ва хабарлар муаллифлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, ОАВлар вакиллари иштирокида очиқ муҳокама ташкил этилади. Шу муносабат билан, бу каби учрашувларнинг биринчиси келгуси ҳафта бўлиб ўтишини маълум қиламиз.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати