@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

A`ZO BO`LISH

Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

 2019-10-03 14:19:00   |     Просмотров: 3891

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида Япониянинг Ўзбекистондаги фувқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни ҳаракат раиси Акмал Бурханов кутиб олиб, ташриф ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Япония ва Ўзбекистон муносабатлари, шу жумладан парламентлараро алоқалар, фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикрлар билдирилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга кутилаётган ташрифи, коррупцияга қарши курашиш ва давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича мутахассислар иштирокида учрашув ва тажриба алмашиш курсларини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар музокаралар давомида Япониянинг Нагоя шаҳри ва Тошкент шаҳри ўртасида дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратдилар. Жумладан, жаноб Ёшинори Фужияма Нагоя шаҳри депутатларининг Тошкент шаҳрига ташрифи ва маҳаллий депутатлар билан учрашувлар ўтказишга катта қизиқиш билдирилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, “Юксалиш” умумммиллий ҳаракати вакиллари Япониянинг етакчи олий таълим муассасаларини Ўзбекистонга жалб қилиш, хусусан Нагоя сингари йирик университетлар филиалларини юртимизда ҳам ташкил этиш таклифини билдирдилар.

Бундан ташқари, Япониянинг Ўзбекистондаги фувқулодда ва мухтор элчиси яқинлашиб келаётган Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар ҳақида фикр билдириб, ушбу жараёнлар янги Ўзбекистон учун жуда долзарб масала эканлиги ва кенг жамоатчилик эътиборида эканлигини билдирди. Ўз навбатида, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов бу йилги сайлов жараёнлари ўтган йиллардан кескин фарқ қилиши, анча фаол ва рақобатларга бой бўлиб ўтишини айтиб ўтди. Хусусан, ўтган йилги курашларда тўртта сиёсий партия курашган бўлса, жорий йилдан уларнинг сони бештага етди ва Ўзбекистон Экологик (аввал ҳаракат) партияси учун кафолатланган ўринлар бекор бўлганини эслатиб ўтди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган масалаларни яқин келажакда амалга ошириш бўйича ишларни бошлашга келишиб олдилар.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати