Пойтахт жамоат транспорти: муаммолар ва таклифлар
Жамоат транспорти йўловчилар учун масофаларни қисқартирувчи муҳим ижтимоий хизматдир. Ўзбекистонда кунига 10 млндан ортиқ киши жамоат транспортларидан фойдаланади.
Соҳани такомиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, унда мазкур йўналишдаги ўрта муддатли мақсад, вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Сўнгги йилларда автобуслар сони икки бараварга ошди. Уларнинг оралиқ масофаси қисқарди ва ҳозирда 8-10 дақиқани ташкил этмоқда. Пойтахтда кунлик йўловчи ташиш ҳажми 1 млн кишига етди.
2022 йилда Тошкент шаҳри учун 200 та ўрта сиғимли SAZ LE 60 ва 190 та кўп сиғимли MAN автобуслари, шунингдек, илк бор 20 та замонавий электробуслар харид қилинди. 2023 йилда эса қўшимча 1 000 та автобус келтирилди.
Метрополитендаги поездлар парки ҳам янгиланмоқда, масалан, апрель ойида 2 та, май ойида 3 та замонавий поезд олиб келинди. Поездларда ҳам оралиқ масофалар қисқарди. Эрталабки вақтда “Чилонзор” йўналишида поездлар ҳар 1,5-2 дақиқада, “Ўзбекистон” йўналишида 3-4 дақиқа, “Юнусобод” йўналишида 6-7 дақиқа оралиқда ҳаракатланмоқда.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шаҳарларда енгил автомобиллар ҳаракатини камайтириш ва жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида ҳар ойнинг охирги чоршанбасида “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси ўтказилмоқда. Бу Президентнинг 2024 йил 21 февралдаги қарорида назарда тутилган.
“Юксалиш” ҳаракати пойтахт жамоат транспорти ҳолати юзасидан фуқаролар ўртасида онлайн сўров ўтказди. Сўровнома соҳага масъул тузилмалар томонидан қўшимча эътибор талаб қилинадиган жиҳатларни аниқлашга қаратилган.
Сўровда 276 нафар респондент иштирок этди, шундан:
- 19,6%и – 18 ёшдан кичик;
- 63,3%и – 19 дан 45 ёшгача;
- 5,5%и – қариялар.
“Ҳозирда жамоат транспортидаги асосий муаммо нима?” деган саволга қуйидагича жавоб олинди:
- Тиғиз вақтларда йўловчилар оқими кўплиги (49,1%);
- Автобусларда совитувчи/иситувчи кондиционерлар тўлиқ ишламаслиги (15,6%);
- Метрода ҳаво вентиляцияси яхши ишламаслиги (12,4%);
- Tранспортларнинг барчасида ҳам ногиронлиги борлар учун махсус шароитлар яратилмаганлиги (8%).
Шунингдек, йўловчилар баъзи йўналишларда ҳалигача эскирган автобуслар ҳаракатланаётганини, улар йўлларда тез-тез ишдан чиқаётганини ёки ёнғинлар келиб чиқаётганини муаммо сифатида қайд этган. Айрим автобусларнинг ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ юрмаслиги ҳам шулар қаторида.
Йўловчиларнинг баъзилари автобусларда кондукторларга эҳтиёж йўқ деган бўлса, бошқалари эҳтиёж борлигини айтган. Кондуктор бўлмаса, ҳайдовчи йўловчиларни олд эшикдан туширади, бу эса йўловчилар учун қўшимча ноқулайликлар келтириб чиқаради.
Респондентларнинг фикрича, йўналишли таксилар ёки микроавтобусларда “қўшимча ўриндиқлар”дан (табурет ёки ёғоч ўриндиқлар) фойдаланиш ҳолати кузатилади. Йўловчилар хавфсизлиги учун буни қатъий назоратга олиш ва тартибга солиш даркор.
Йўловчилар қандай таклифлар берди?
Сўров давомида респондентлар қуйидаги таклиф ва тавсияларни берди:
- тиғиз вақтларда автобус ва вагонлар сонини кўпайтириш, оралиқ вақтларни қисқартириш (65,2%);
- тирбандликнинг олдини олиш учун сиғими ва ҳажми катта автобуслар сонини кўпайтириш (50%);
- метрода вентиляция ва автобусларда совитиш/иситиш тизимини яхшилаш (49,1%);
- эски русумдаги автобусларни ҳаракатланишдан чиқариш ва транспорт тизимини модернизация қилиш (41,7%);
- жамоат транспорти учун фақат профессионал ҳайдовчиларни ёллаш (34,1%).
Сўров иштирокчилари, шунингдек, жамоат транспорти ҳайдовчиларининг фаолияти бўйича таклифлар қолдирган. Масалан, йўловчиларни ташиш вақтида уяли телефондан фойдаланган ҳайдовчиларни жазолаш, уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, йўловчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида балл тизимини жорий этиш, натижасига қараб мукофотлаш ёки жаримага тортиш тизимини йўлга қўйиш, автобус ҳайдовчиларининг “пойга”лар уюштириши билан боғлиқ қоидабузарликларни қатъий назорат қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ҳк.
Сўровда қатнашганлар ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш – йўловчиларни аудио ва визуал форматда хабардор қилувчи ахборот тизимларини жорий этишни ҳам таъкидлаган.
Муаммоларни доимий аниқлаб бориш учун фуқаролар мурожаатларини қабул қилувчи платформаларни ишга тушириш, уни фаоллаштириш тавсия этилган. Респондентлар орасида метрода аёллар ва болалар ҳамда қариялар учун алоҳида вагонларни жорий этишни сўраганлар ҳам бўлди.
Умуман, сўров натижаларидан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизими такомиллашиб бораётгани, мавжуд муаммолар, асосан, қулайлик ва хавфсизлик билан боғлиқлиги аниқланди. Тизимни янада ривожлантиришда фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, қарор қабул қилувчи масъул вазирлик ва идораларнинг комплекс ёндашуви зарур.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати