@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик муҳокамаси: “Ўзбекистоннинг ахборот макони: долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари”

 2024-01-31 12:03:00   |     Просмотров: 653

Бугун мамлакатимиз ичида ва унинг атрофида бўлаётган воқеаларга фуқароларимизнинг муносабати қандай? Турли соҳалардаги миллий манфаатларимизни тушунишда ягона ёндашув мавжудми ёки бу ёндашувни шакллантиришга, халқимизга тушунтиришга хизмат қилувчи ахборот манбалари етарлими?

Жорий йилнинг 30 январь куни “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Ўзбекистоннинг ахборот макони: долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари” мавзусида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Унда тегишли давлат идоралари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти, ОАВ вакиллари ҳамда миллий ва хорижий экспертлар иштирок этди. 

Ўзбекистонда сўз эркинлигини ва ОАВ фаолияти эркинлигини таъминлаш бўйича бир қатор ижобий қадамлар ташланди. Бугун миллий медиаландшафтга назар солсак, сўнгги 7-8 йилда  рўйхатдан ўтган ОАВлар сони 41 фоизга ошганини кўриш мумкин. Агар 2016 йилда 1 514 та ОАВ рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2023 йилга келиб уларнинг сони 2 100 тадан ошди, 65 фоизи нодавлат ОАВлардир.

Рўйхатдан ўтган телеканаллар сони 65 тадан 84 тага (+29%), интернет-нашрлар 395 тадан 745 тага (+88%) ошган, газеталар сони эса 691 тадан 631 тага камайган (-9%).

Бу рақамлар, маълум маънода, юртимиздаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий манфаатларни тарғиб қилиб, уни халққа етказишда, фаол фуқаролик позициясини билдиришда журналист ва блогерлар фаоллашганидан дарак.

Давлат миллий контент бўлишига маълум бир шароитларни яратди. Буни солиқ имтиёзларида, ОАВларни рўйхатдан ўтказишда енгилликлар берилишида кўриш мумкин. Ҳозирда Ахборот кодекси ишлаб чиқилиб, халқаро ҳамжамият билан биргаликда кўриб чиқиляпти. Журналистик фаолиятга аралашмаслик бўйича махсус қонун лойиҳаси ҳам тайёрланган, - дейди АОКА Таҳлил ва режалаштириш бошқармаси бошлиғи Марат Аитов.

Шундай бўлишига қарамасдан мамлакат ахборот маконида миллий контентнинг ҳолати қониқарли аҳволда эмаслиги, айниқса, турли ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларда миллий манфаатлар нуқтаи назаридан сифатли контент камлиги таъкидланди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон жамоатчилигини ташвишга солган бир қатор ташқи “ахборот хуружлари” содир бўлгани, бу каби хуружлар орасида мамлакатимиз суверенитети, давлатчилигимиз тарихини шубҳа остига олиш каби ҳолатлар ҳам учраётгани қайд этилди.

Бу масалага давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида муносабат билдирар экан: “Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берамиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумотлар, реал воқеаларга эҳтиёжни биз тўлдирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”, - деди.

Шунингдек, муҳокамада миллий контентни ривожлантириш йўналишидаги муаммоларга, масалан, миллий мавзудаги ресурсларни яратиш учун маблағ ёки кадрлар етишмаганлиги сабабли бўшлиқлар чет давлатларникидан кўчириб тўлдирилаётганига тўхталиб ўтилди. Миллий ахборот маконимиз четдан кириб келган ахборотлар билан тўлиб-тошар экан, бу ҳолат миллий контент ривожланишдан тўхтаб қолишига олиб келади. Ахборотларни нафақат ўзимизнинг, балки хорижий ресурсларда ҳам ёритиб бориш, дунёга маълум қилиш, таҳлилий журналистикани кучайтириш зарур.

Шаҳноза Соатова, адлия вазири маслаҳатчиси, блогер:

— Муаммолардан бир шуки, миллий контент яратувчилари, яъни ахборот  тайёрловчи ва тарқатувчилар кам. Савия масаласи ҳам оқсайди. Техник таъминот тўлиқ бўлса ҳам сифатли, тез тарқаладиган контент яратиш қийин. Бунга креатив индустрия ва кадрлар етишмаётгани рост. Журналистлар учун этика, профессионаллик, ижтимоийлашув, ғоя учун бирлашув масалаларида ҳам муаммолар бор. Умумий ғоя ва мақсадларни тўғри қўя билиш керак, деган фикрдаман.

Хушнуд Худойбердиев, ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари:

— Биз ташқи ахборот хуружларига қай даражада жавоб бера оляпмиз? Айниқса, жиддий ва сиёсий масалаларда хуружлар бўлса, ҳар ким ўз фикрини билдириши  мумкин, лекин ҳамма барибир давлатдан расмий муносабат кутади. Расмийлар чиқиш қилиб, фикрини айтса, жамиятда ички қўрқув (цензура) босилади, “шу мавзуда гапирса бўлар экан” деб ўз-ўзидан давом этади. Ҳозир хоҳлаймизми, йўқми шунақа тизимдамиз. Балки йиллар ўтиши билан бу йўқолар. Замонга қараб мослашмоқчи эканмиз, расмийлар кўпроқ гапириши керак. Бу ҳам контентни ривожлантиришнинг йўлларидан бири. Умуман олганда, контент кўп, мавзулари ҳам турлича. Фақат кузатиб борувчи аудитория бошқа-бошқа. Айрим мавзуларда бўшлиқлариимиз бор, айрим мавзуларда истеъмолчининг ўзи етарли.

Камолиддин Роббимов, сиёсатшунос:

Жамиятдан йиғилаётган ижтимоий муаммоларни эшитиш, тўғри малакалаш ва тўғри ечим таклиф қилиш қобилияти бўлиши керак. Бу жуда катта сиёсий малакани талаб қилади. Бугун Ўзбекистон нейтрал бўлишга, кўп векторли ташқи сиёсат олиб боришга ҳаракат қилаяпти. Президент нутқида нима учун ахборот суверенитети билан хавфсизликни боғлади? Сабаби оддий – бугунги кундаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар ортида интенсив ахборот уруши юз беряпти. Сўз эркинлигига тўлақонли эришишимиз учун давлатнинг ўзи, институтлари, жамият билан ишлаш, жамиятни эшитиш ва ечим топиш қобилиятларини ошириш керак. Яна бир афсусланарли масала шуки, Ўзбекистон аҳолисининг 90 офизини қамраб олган телеканалларда миллий контент қониқарли эмас.  Телеканалларда ижтимоий тафаккурни шакллантириш, жамият билан давлатнинг узвийлигини таъминлаш даражаси жуда паст,  баҳс-мунозара йўқ.

Муҳрим Аъзамхўжаев, Gazeta.uz интернет-нашри бош муҳаррири ўринбосари, журналист:

Дарҳақиқат, давлат телевидениеси ташқаридан келган “ахборот хуружлари”га бемалол “сигнал” бериши мумкин. Давлат нашрлари бор, лекин уларда ўткир, танқидий материаллар уёқда турсин, бирор салбий мазмундаги мақолаларни учратмаймиз. Ижодий эркинлик бўлиши керак. Баъзи оммабоп иловаларни миллийлаштириш, миллий ахборот бн тўлдириш муҳим.

Муҳокама иштирокчилари тобора авж олаётган “ахборот хуружлари”га муносиб жавоб қайтариш, ахборот суверенитетини таъминлаш ва сифатли ахборотлар оқимини кўпайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди:

  • Сифатли контент истеъмолчиси ҳам бўлиши керак. Бугун жамият, қайсидир маънода, енгил-елпи контент истеъмолчиси бўлиб қолмоқда ва бу ерда сифатли контентни қабул қиладиган авлодни тарбиялаш масаласи ҳам кун тартибига чиқмоқда;
  • Хорижий сиёсий мавзуларни ёритадиган кўрсатувлар, дастурларни махсус грантлар орқали қўллаб-қувватлаш зарур. Бундай лойиҳалар кам, борларини эса озчилик кўрмоқда ва натижада молиявий наф йўқлигидан давом эттирилмаяпти;
  • Баъзи катта каналлар, маълум бир маънода, бугунги ахборот маконининг об-ҳавосини белгилаб бермоқда. Лекин улар тарқатаётган ахборот сифатли эмас, факт-чекингга муҳтож, баъзан ёлғон. Шундай каналларни юритувчиларнинг салоҳиятини ошириш, ўқитиш масалаларини ўйлаб кўриш зарур. Уларнинг аксари аноним тарзда фаолият юритади. Бу масъулиятни ҳис қилмаслик, қонунбузилишига олиб келиши мумкин;
  • “Ахборот хуружлари”га муносабат билдириш билан чекланмай, амалий ишларга ўтиш, жамовий жасорат кўрсатилиши керак. Хуруж қилинган манбаларга жамоатчилик чекловларини (бан-лист) киритиш ёки “исталмаган шахс” (нон грата) деб эълон қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар” дастури доирасида Евроосиё жамғармаси кўмагида ташкил этилди.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати