@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Пальма ёғининг инсон саломатлигига таъсири бўйича қўшма тадқиқот ўтказилмоқда

 2019-06-13 09:36:00   |     Просмотров: 6011

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорликда аҳоли саломатлиги ва турмуш тарзини яхшилаш мақсадида “Пальма ёғининг инсон соғлигига таъсири” мавзусида қўшма тадқиқотни амалга оширмоқда. Тадқиқот ишлари жорий йилнинг май ойида бошланиб, бугунги кунда тегишли вазирлик ва идораларнинг ушбу масала юзасидан хулоса, таклиф ва статистик маълумотлари умумлаштирилмоқда.

Жумладан, Давлат статистика қўмитасининг пальма ёғининг охирги 10 йил ичида импорт қилиниши тўғрисидаги статистик маълумотлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пальма ёғининг инсон организмига таъсири, унинг ижобий ёки салбий хусусиятлари, шунингдек бошқа қатор ташкилотларнинг бугунги кунда пальма ёғидан қайси турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳақидаги маълумотлари тўпланди. Шунингдек, ушбу йўналишда ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонга палма ёғининг импорти 2000 йиллардан бошланган ва дастлабки етказиб берилиш миқдори 5 минг тоннани ташкил этган. Бугунги кунда тахминий ҳисоб китобларга кўра, бу кўрсаткич 42 минг тоннагача ўсган.

Европанинг озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги ва Озиқ-овқат қўшимчалари бирлашган экспертлар кенгаши палма ёғининг қандай зарарлари борлигига аниқлик киритди. Жумладан, гидрогенизация йўли билан олинган (водород атомларини қўшиш орқали суюқ ёғларни қаттиқ ёғларга айлантириш) палма ёғлари энг арзони ҳисобланади, у мум ёки парафинни эслатади. Бу ёғ таркибида фойдали компонентлар йўқ, шунингдек ёғ юқори ҳароратда қайта ишланганда унда кўп миқдорда зарарли моддалар ҳосил бўлади.

Палма ёғи 45%гача палметин кислотасидан таркиб топган. Ушбу моддадан кўп миқдорда фойдаланиш – атеросклерозни ривожланишига томирларни ёғ билан қопланишига олиб келади. Атеросклероз ўз навбатида юрак-қон томир касалликларининг ривожланишида муҳим омилдир (“Daily Mail” хабарига кўра, Ўзбекистон йилига юрак-қон томир касалликларидан вафот этганлар бўйича 1-ўринни эгаллаган – 100 минг нафар одамга 394 ўлим ҳолатлари тўғри келади).

Шу муносабат билан, экспертларнинг фикрига кўра ўтказилган ўрганиш ва тадқиқот давомида олиб борилган ишлар ҳисоботи кенг жамоатчилик учун тақдим этилади ҳамда ишлаб чиқилган таклифлар тегишли органларга киритилади.

Ҳамкорлик доирасида, фуқароларни пальма ёғининг зарарлари ҳақида огоҳлантирувчи фото ва видео реклама материалларини ишлаб чиқиш, унинг зарарли оқибатлари ҳақида кенг тарғибот олиб бориш мақсадида жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, блогерлар жалб қилиш режалаштирилган.

Шунингек, тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пальма ёғининг фуқаролар саломатлигига зарар етказилишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклиф ва тавсиялар Ҳукумат ва Парламентга киритилади.